1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатни ҳаром қилган оят (1-қисм)

18:51 / 10.03.2018 5307 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан баъзингиз баъзингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўлик ҳолдаги биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Бас, ундан нафратланасизлар-ку!»[1]

Ҳикоя. «Маъолимут-танзил» тафсирида бу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай одатлари бор эди: ғазот ёки сафарга чиқсалар, икки бой билан бирга уларга хизмат қилиши учун бир муҳтожни ҳам қўшиб жўнатар эдилар. Бу муҳтож киши улардан олдинроқ юриб, бир жойга тушиб, уларнинг еб-ичадиган нарсаларини тайёрлаб турар эди. Чунончи, Салмон Форсий розияллоҳу анҳуни (муҳтож бўлгани боис) бир сафарда икки бойга қўшиб жўнатдилар. У киши бир манзилга олдинроқ бориб тушдилар, лекин кўзлари кетиб, бояги икковига ейиш учун ҳеч нарса тайёрламай ухлаб қолдилар. Улар келиб: «Ҳеч нарса тайёрламадингми?» дедилар. Салмон розияллоҳу анҳу: «Йўқ. Кўзим илинибди, яъни ухлаб қолибман», дедилар. Иккови: «Бор, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизга бирор таом сўраб кел», дедилар. Салмон розияллоҳу анҳу бориб, бўлган воқеани айтсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Усоманинг олдига бор, агар ортиқча таоми бўлса, сенга берсин», дедилар. Салмон розияллоҳу анҳу Усома розияллоҳу анҳунинг ёнига бориб, у кишидан нарса сўраса, у киши: «Менда ҳам ҳеч нарса йўқ», деб қуруқ қайтардилар. Салмон розияллоҳу анҳу бу гапни икки шеригига етказган эди, улар: «Усомада таом бор, лекин у бахиллик қилибди», дейишди. Улар Салмон розияллоҳу анҳуни яна бошқа саҳобийларнинг ёнига жўнатишди. Салмон розияллоҳу анҳу улардан ҳам бирор егулик топа олмай қайтган эди, иккови: «Сени тошиб турган қудуққа жўнатсак, ўшанинг суви ҳам қуриб қолади», деб масхара қилишди. Шундан сўнг икки бой Усома розияллоҳу анҳуни текширгани чиқишган эди, йўлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Нима бўлди? Оғизларингда гўштнинг қизиллигини кўряпман», дедилар. Улар: «Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, бугун биз умуман гўшт емадик», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар ҳозир Усома билан Салмоннинг гўштини едиларингиз», деб танбеҳ қилдилар. Икковининг ана шу ғийбати сабаб бўлиб, Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссалом орқали юқоридаги оятни нозил қилди.

Эслатма. Оят ва ҳадисларда ғийбат қилишнинг гўшт ейишга ўхшатилишига икки сабаб бор. Биринчидан, бировнинг гўштини ейиш билан у ниҳоятда хорланган бўлади. Худди шунингдек, ғийбат қилишда ҳам одамнинг обрўсини тўкиб, уни хорлаш бор. Демак, ғийбат қилинган киши гўёки гўшти еб хорланган киши каби бўлар экан. Шунинг учун ғийбат қилиш гўшт ейишга ўхшатилган. Бу ташбеҳни (ўхшатишни) Аллоҳ таолонинг Ўзи зикр қилган. Иккинчидан, одам ёки ўлимтикнинг гўштини ейишдан ҳар қандай кишининг табиати жирканади. Ғийбат қилиш ҳам худди шундай жирканч нарсадир. Шунинг учун ҳар бир одам тилини ҳам, нафсини ҳам ғийбатдан тиймоғи лозим.


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Ҳужурот сураси, 12-оят.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар нафас олибчиқарганингда, албатта, У Зот сенга қадарини жорий қиладир.Яъни сен ҳар нафас олганинг ва нафас чиқарганингда Аллоҳ таолонинг бир тақдири сенга давоми...

4439 06:47 / 28.11.2017
3. .У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин Ҳолбуки, ҳамма нарсада У зоҳир бўлганку,Бу жумланинг маъноси қуйидагича. Қандай қилиб банда билан давоми...

5219 16:40 / 08.10.2017
Сени У Зотнинг адли қарши олса, сағира гуноҳ қолмас. Сенга У Зотнинг фазли юзланса, кабира гуноҳ қолмас. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда давоми...

5084 19:01 / 18.02.2018
3. Ўзининг ҳaрaкат вa ишлари, ақлу фаросатига тaкaббурлик қилиш. Кибрнинг бу турига гирифтор бўлган киши ўзининг фeълу ишларини яxши дeб ўйлайди ва натижада давоми...

3606 17:34 / 26.05.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021