1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатни ҳаром қилган оят (2-қисм)

18:53 / 10.03.2018 4406 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳикоя. Бир куни Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу масжидда суффа аҳлига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларини айтиб бериб ўтирган эдилар. Бу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида эдилар. Бир жойдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳадя қилинган гўшт келиб қолди. Саҳобийлар Зайд розияллоҳу анҳуга: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига кириб, бир неча кундан бери гўшт емаганимизни айт, шояд, бизга гўштдан бироз чиқариб юборсалар», дейишди. Зайд уларнинг олдидан туриб кетгач, ўзаро: «Пайғамбар алайҳиссалом билан биз қанча учрашган бўлсак, Зайд ҳам ўшанча учрашган. Қандай қилиб, у бизга ҳадис айтиб ўтириши мумкин?» дейишди. Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, уларнинг илтимосини етказгач, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларга «Сизлар ҳозиргина гўшт едиларинг», деб айт», дедилар. Зайд розияллоҳу анҳу бу гапни саҳобийларга етказдилар. Саҳобийлар: «Йўқ, бир неча кундан бери умуман гўшт емадик», дейишди. Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, уларнинг гапини етказган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўша сўзларини қайтардилар. Бу ҳолат икки-уч бор такрорлангач, саҳобийларнинг ўзлари келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга гўшт емаганларини айтдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар ҳозиргина биродарингизнинг (Зайднинг) гўштини едиларингиз. Унинг нишонаси тишларингизда турибди. Тупуринглар, гўштнинг қизиллигини кўрасизлар», деб итоб қилдилар. Саҳобийлар тупуришган эди, тупуклари қон аралаш чиқди. Буни кўриб, ҳаммалари тавба қилиб, Зайд розияллоҳу анҳудан узр сўрашди.[1]

Изоҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобийларга жуда қаттиқ танбеҳ бердилар. Биринчидан, «Сизлар Зайднинг гўштини едиларинг» дедилар, иккинчидан, янада қаттиқроқ огоҳ бўлишлари ва ғийбатнинг жазосини ўз кўзлари билан кўришлари учун уларни тупуртириб кўрдилар. Зеро, улардан иккита катта гуноҳ содир бўлган эди. Биринчиси – ғийбат қилганлари, иккинчиси – бу ғийбатнинг масжидда қилингани. Бундан масжидда ғийбат қилиш ниҳоятда оғир гуноҳ эканлиги маълум бўлади. Масжидда заруратсиз дунё гапларини гапириш ва кулиш ҳаром бўлганда, ғийбат бундан ҳам зиёда ҳаром бўлмасинми?

Насиҳат. Ҳозирги кун одамларининг қалбида масжиднинг эҳтироми, уни улуғлаш ҳисси қолмади. Қачон масжидга борманг, кимдир қаҳқаҳа отиб кулаётган, яна кимдир дунёвий ишларини гапираётган, яна бошқаси ўзининг шахсий можаросини достон қилаётган бўлади. Аллоҳ таолонинг зикри билан ҳеч кимнинг иши йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эслаш уларнинг севимли иши эмас. Ажабки, бир подшоҳ саройига борсалар, подшоҳ яқин жойда ўтириб, уларнинг нима қилаётганини кўриб турган бўлса, ниҳоятда одоб билан, тилларини тийиб, кўзларини пастга тикиб ўтиришади. Султонлар султони Аллоҳ таолонинг уйи бўлмиш масжидга келсалар, У Зотнинг розилигига хилоф иш қилишади. Оят-ҳадисларда масжидни улуғлаш лозим экани, у ерда олди-сотди каби дунё ишлари ман этилгани тўғрисида таъкидлар келган. Салафи солиҳларимиз масжидга ниҳоятда эҳтиром кўрсатар, унга ниҳоятда гўзал одоб билан борар эдилар. Аллоҳ таоло бизга ҳам уларнинг одоблари билан одобланишни, хулқланишни насиб айласин! Омин.

Аллоҳим, барча махлуқотларнинг қалби Сенинг қўлингда, бизга раҳм қилгин, Ҳашр кунида бизларни кечиргин, бизларни буюк ишларга муваффақ айлагин! Омин.


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Танбеҳул ғофилин».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кимнинг ибтидоси нурафшон бўлса, интиҳоси ҳам нурафшон бўлади.Ушбу ҳикмат ўзидан олдинги ҳикматни тўлдириб келгандир. Барча амал ва ишларнинг хотимаси яхши ва давоми...

4658 20:08 / 12.08.2017
Тоатларнинг сендан фавт бўлишига маҳзун бўлмаслик ва тойилишлар бўлса ҳам, қилганингга надомат қилмай қўйиш қалбнинг ўлими аломатларидандир.ndash Маҳзунлик ndash давоми...

6477 19:24 / 08.08.2017
Аллоҳ азза ва жалла бандалари қаршисида Ўзининг олий Зотига мажбурият олиб бандаларига ҳам бажаришлари учун мажбурият топширди. Буюклиги чексиз бўлган Зот давоми...

5283 15:02 / 25.01.2018
Аллоҳ таоло.Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳни поклаб ёд этди. У Азийз ва Ҳакиймдир,, деган .Ҳадид, сураси, 1оят.Тасбеҳ айтиш улуғлаш, поклаш, нуқсонсиз деб ёд давоми...

6375 20:25 / 10.05.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021