1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазонда тилни тийиш

17:37 / 05.03.2025 5388 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», дедилар». 

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ислом дини ва таълимоти бўйича мусулмон инсон тилини доимо ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Рўзадор мусулмон учун эса бу таъкид яна ҳам кучли бўлади. Уламоларимиз «Ушбу ҳадисдаги «ёлғон гапириш»га ғийбатчилик, чақимчилик, иғво ва бўҳтонлар ҳам киради», дейдилар. Шунингдек, «Унга амал қилиш деганда Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расулининг норозилигига сабаб бўладиган ҳар бир ишни қилиш тушунилади», дейдилар.

Демак, рўза тутган одам ўзини нафақат таом ва шаробдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Зотан, ўзини таом ва шаробдан тийиб туриб, ёлғон, иғво, чақимчилик, ғийбат, бўҳтон сўзларни гапираверишдан, ношаръий ишларни қилаверишдан нима фойда бор? Ёки унинг оч қолишига, чанқашига Аллоҳнинг эҳтиёжи борми?

Афсуски, ҳаётимизда ушбу ҳақиқатни унутиб қўямиз. Ичимизда рўзани тутиб олиб, кун бўйи беҳуда гап-сўзлар, ишлар билан машғул бўладиганлар жуда кўп. Ҳатто орамизда мусулмонларнинг устидан ғийбат, чақимчилик, бўҳтон қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Ҳеч биримиз ёлғон сўз ва унга амал қилиш рўзанинг савобини бутунлай кетказишини мутлақо унутмаслигимиз лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирортангиз рўзадор ҳолида бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман, мен рўзадорман», десин», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Худди шу маънодаги ҳадис олдин ҳам ўтган эди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас», дедилар». 

Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Баъзи бир кишилар рўзани тутиб олиб, тилини тиймай, ёлғон гапирадилар, иғво, бўҳтон, ғийбат қиладилар, турли ёмон ишлардан ўзларини тиймайдилар. Бундай кишилар рўзанинг фойдасидан, савобидан маҳрум бўладилар. Уларга рўза тутишдан фақат оч қолганлиги қолади, холос.

Шунинг учун ким рўзадан тўла манфаат олмоқчи, савобига тўлиқ эришмоқчи бўлса, ўзини таом ва шаробдан ташқари беҳуда, бўлмағур гап-сўз ва амаллардан тиймоғи лозим.

Шунингдек, баъзи бир кишилар тунда таҳажжуд намоз ўқийдилар. Кейин эса ўша ишлари билан мақтаниб, риёкорлик қиладилар, ёлғон гапириб, нолойиқ ишларга қўл урадилар. Ана шундай одамлар ҳам тунда бедор бўлиб қилинган ибодатларга бериладиган савоблардан бебаҳра қоладилар.

Шунинг учун ҳар бир ибодатни иложи борича риёкорликдан қочиб қилмоғимиз керак.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсонни яратишдан мақсад фақат ибодат бўлса, у ҳолда эрталабдан кечгача ибодатдан бошқа бирор иш қилмаслигимиз ва бошқа иш қилишимизга рухсат ҳам бўлмаслиги давоми...

2389 23:45 / 27.03.2023
Кўз эгаларига ибрат бўлиши учун тунни кунга алиштириб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Кенгчилик неъмати учун Аллоҳга ҳамд айтиб, шукр қиламан. Азиз ва Ғофир Зотдан давоми...

3331 09:00 / 27.04.2022
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб, еса ёки ичса, рўзасини давоми...

2752 04:30 / 24.04.2021
ndash Тақволи ҳаётга тайёрлайди.ndash Аллоҳ кузатувчи эканига ўргатади.ndash Бошқаларни очяланғочларни ҳис қилишни ўргатади.ndash Вақтни тартибга келтиришни ўргатади.ndash давоми...

1727 11:23 / 27.03.2024