1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Мукаммал рўзанинг белгилари

14:41 / 25.05.2018 5283 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дунёда миллионлаб рўза тутувчилар бор. Улар рўзадор эканликларининг ташқи аломатлари - таом, ичимлик ва яқинликдан тийилиш кабилар умумий бўлсада, бироқ рўза тутган инсоннинг даражалари турли бўлади. Комил рўзанинг қандай фарқлари бор? Қандай қилиб сизнинг рўза фақат еб-ичишгина эмас, балки руҳий юксалиш ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш эканлигини аниқлаш мумкин?

1. Тақводорлик

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: "Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз" (Бақара сураси, 183-оят).

Рўза мўминни тақвога ўргатади. Рўзадор ўзининг ҳатти-ҳаракатларига, сўзларига эътиборлироқ бўлади, баъзи тиришқоқ рўзадорлар эса ўй-ҳаёлларига ҳам. Одатда бу инсонда "руҳий интизом" шаклланишига, яъни ўзининг ҳатти-ҳаракатлари ва феъл-атворини назорат этишга олиб келади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу тақвога жуда аниқ таъриф берганлар. Тақво нима эканлигини сўрашганда улар: "Тикан билан қопланган йўлни бирортангиз кўрганмисиз?" деб савол бердилар. "Ҳа", - деб жавоб беришди. "Шунда нима қилдингиз?", - яна савол бердилар. "Биз кийимимизни эҳтиётлаб йўлни айланиб ўтишга ҳаракат қилдик", - деб жавоб қайтаришди. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу тиканларни гуноҳлар билан қиёслаб дедилар: "Мана шу тақводорликдир".

2. Нафсни тийиш

Расуллулоҳ соллаллоху алайхи васалламнинг ҳадисларида шундай дейилган: "Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу – унинг учун бичилишдир". 

Тақво сўзининг яна бир маъноси қалқондир. Тақвога фақат еб-ичишдан тийилибгина етишиб бўлмайди. Имом Саноний бу ҳақида шундай деганлар: "Бу - Аллоҳ томонидан рўзада яширинган неъматдир, унга эришиш учун таомдан тийилиш кифоя қилмайди".

3. Сабрга ўрганиш

Имом Насоий ва имом Аҳмаддан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: "Сабр ойида рўза тутганга ва яна ҳар бир ойда уч кун рўзадор бўлганга йил бўйи рўза тутганнинг савоби берилади". Бу ҳадисда Расуллулоҳ соллаллоху алайхи васаллам Рамазонни сабр ойи деб номлаб, ушбу ойда сабрли бўлиш кераклигига урғу берганлар. Чунки бошқа бир ҳадисда рўза сабрнинг ярми дейилган. Чунки сабр рўзанинг асосидир. Рамазонда асосий вазифалардан бу ҳаром қилинган ва қайтарилган нарсалардан узоқ бўлиш ҳамда сабр ва иймонни кучайтиришдир.

4. Қуръонни ҳаётимизга кўпроқ татбиқ этиш

Бу ойда Қуръон нозил қилинган, Расуллулоҳ соллаллоху алайхи васаллам Қуръонни Жаброил алайҳиссалом билан бирга ўқиганлар. Шу сабабли бу ой Қуръон ойи ҳам деб номланади. Бу ойда биз кўпроқ тиловат қиламиз, ўрганамиз, тинглаймиз ва оҳир-оқибат Қуръонга амал қилиб унинг аҳкомлари ила умр кечирамиз.

5. Сахийлик қилиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. Рамазонда эса яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар. Рамазонда турли ибодатларни бирлаштирар эдилар. Масалан, Қуръон ўқирдилар ва бошқаларга ёрдам берардилар, садақа қилардилар. Бу билан улар ҳам инсонга ҳам жамиятга манфаат келтирувчи ибодат намунасини кўрсатар эдилар. Шундан маълум бўладики, бизнинг мажбуриятлар фақат ўзимиз билан чекланиб қолмай атрофдагиларни ҳам қамраб олиши керак.

6. Вақтнинг қадрини англаш

Рамазонда биз қадрига етмайдиган вақтни аслида буюк неъмат эканлигини тушунамиз. Бир ҳадисда шундай дейилади: "Икки неъмат борки кўп инсонлар улардан маҳрумдирлар. Улар саломатлик ва бўш вақтдир". Исломда асосий мажбуриятлар маълум вақтларда адо қилинади. Закот тўлаш, намоз ўқиш, хаж қилиш, рўза тутиш - барчаси белгиланган вақтларда адо қилинади. Бу эса вақтни янада қадрлашга ундайди. Ҳасан ал-Басрий айтадилар: "Эй одам боласи, сен маълум кунлардан иборатдирсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг, бир бўлагинг кетиши демакдир". Мўмин киши ўз вақтини назорат қилади. Иймони кучайган сари Аллоҳ берган вақт неъматини янада қадрлайверади.

Бу рўзамизнинг комиллигини билдирувчи баъзи белгилар эди ҳолос. Рамазон ойи тугаб бориши билан юқоридаги санаб ўтилган сифатлар кучаяверса бу учун Аллоҳга шукр айтмоқлигимиз лозимдир. Аксинча бўлса вақтни ғанимат билиб чоралар кўришимиз ҳамда Аллоҳдан Рамазоннинг барокатлари насиб этишини сўраб дуо қилишимиз лозимдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рўзадор бирор нарсанинг мазасини татиб кўриши ёки чайнаши макруҳдир зарурат юзасидан ёш болага овқат чайнаб бериш бундан мустасно. Бу ҳолатларда бирон нарсанинг давоми...

5061 13:30 / 25.03.2024
Таровеҳ намозини Рамазон ойида Хуфтан намозидан сўнг Бомдод намозигача ўқиш баъзилар мустаҳаб деган бўлсада, аслида, аҳли суннат валжамоатнинг тўрт мазҳаби давоми...

8725 05:00 / 14.01.2017
Яратганда Еру Осмонни Раҳмон. Ой ила Қуёшга манзил бичган он. Ойларни ўн икки айлаган замон. Сени улар ичра айламиш султон. Марҳабо, хуш келдинг, хушвақт Рамазон. давоми...

3908 05:00 / 14.01.2017
...Ҳанафий, Моликий ва Шофеъий мазҳабларида эса ўлган одамнинг номидан рўза тутгандан кўра, таом берган яхши, дейдилар. Чунки рўза намозга ўхшаш баданий ибодат давоми...

4557 05:00 / 11.01.2017