1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Ифтор пайтидаги дуо

18:00 / 09.04.2023 16202 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1229. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ифтор қилсалар: 

«Заҳабаз зомау ва баталлатил уруқу ва сабатал ажру, иншааллоҳ» («Гуноҳ кетди, томирлар ҳўлланди ва иншааллоҳ, ажр собит бўлди»), дер эдилар». 

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ифтор пайтида қилинган дуо тўсиқсиз қабул бўлиши маълум ва машҳур. Ушбу ва ундан кейин келадиган ривоятлардаги дуолар оғиз очишда ўқиладиган дуоларидир. Улардан бирини ёдлаб олиб, оғиз очиш пайтида ўқишга одатланилса, жуда ҳам яхши бў­лади.

1230. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ифтор қилсалар: 

«Аллоҳумма! Лака сумту ва ъалаа ризқика афторту» («Аллоҳим, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ ила ифтор қилдим»), дер эдилар». 

Абу Довуд ва Тобароний ривоят қилганлар.

Тобаронийнинг лафзида: 

«Бисмиллаҳ. Аллоҳумма! Лака сумту ва ъалаа ризқика афторту» («Бисмиллаҳ. Аллоҳим, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ ила ифтор қилдим»), дейилган.

1231. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муъозникида ифтор қилдилар-да ва сўнгра: 

«Афторо ъиндакум ас-соимуун ва акала тоъ­амакумул-аброру ва соллат ъалайкумул малааика» («Ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилдилар, таомингизни яхшилар едилар ва фаришталар сизга саловот айтдилар»), дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Абдуллоҳ ибн Зубайр ибн Аввом Қурайший ал-Асадий, кунялари Абу Бакр. Оналари Асмо бинти Абу Бакр.

Бу зот ҳижратдан кейин Мадинада биринчи туғилган бола эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида тўққиз ёшда эдилар.

Ҳаммаси бўлиб 33та ҳадис ривоят қилдилар. Бу ҳадисларни оталаридан, боболари Абу Бакр Сиддиқ, холалари Оиша онамиз, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилдилар. Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Африкани фатҳ этишда иштирок этдилар.

Ҳижратнинг 64-йили Язийд ибн Муовия вафот этганда бу зотга халифа бўлишлари учун байъат берилди. Мана шу даврда Миср, Ҳижоз, Яман, Хуросон, Ироқ, Шомнинг баъзи жойларига ҳукмдор бўлдилар.

Ҳижратнинг 73-йили Абдулмалик ибн Марвон даврларида бу зот билан Ҳажжож ораларида шиддатли жанглар бўлиб ўтди. Бу уруш Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг ўлимлари билан ниҳоясига етди.

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифаликлари тўққиз йил давом этиб, шу давр мобайнида биринчи бўлиб дирҳамни жорий этдилар. Ушбу дирҳамнинг бир тарафига «Муҳаммадур Расулуллоҳ», иккинчи тарафига «Амруллоҳи билвафо вал адл», деган ёзувлар битилган эди.

Араб ўлкаларида Рамазондан бошқа пайтларда ҳам меҳмондорчиликнинг охирида юқорида зикр қилинган дуони ўқишга одатланишган.

Ушбу ҳадисдан аҳли фазлларни чақириб, ифтор қилиш марғуб эканлиги келиб чиқади. Чунки ансорийларнинг Авс қабиласи улуғи Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаларни ифторга чақиришлари шунга далолат қилади. Шу билан бирга, бировнинг зиёфатида бўлган шахс унинг ҳаққига дуо қилиши кераклиги ҳам келиб чиқади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

 

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фаришталар тонгдан шомгача таом емасалар, бу иш асло ҳайратомуз эмас. Чунки, улар умуман очқамайди, уларнинг таомга ҳожатлари йўқ. Шунинг учун улар Рамазон кунида давоми...

543 20:31 / 27 февраль
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуда ривоят қилинади .Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан рўзадорнинг қучоқлаши ҳақида сўради. Унга рухсат давоми...

5363 19:30 / 25.04.2021
Жаъфар Содиқ айтади Рўзада малоикаларга ўхшашлик бордир. Чунки улар емайдилар, ичмайдилар, туну кун тасбеҳ айтадилар ва ибодатларда сусткашлик қилмайдилар. Муҳаммад Оли Рашид

1934 09:37 / 22.03.2024
1210. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳилолни кўрмагунингизча рўза тутманглар. Уни кўрмагунингизча оғиз давоми...

7012 18:00 / 18.04.2020