1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳаёт... ризқ-рўз учун курашишми?

17:05 / 07.11.2018 3811 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло “Ҳуд” сурасида:

«Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин Китобда бордир», деган (6-оят).

«Ер юзида ўрмалаган нарса» одамзод, ҳайвонот, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқа жонзотлардир. Шуларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Ҳаммасининг юриши, туриши, туғилиши ва бошқа ҳолатларини билади. Буларнинг ҳаммаси китобда очиқ-ойдин ва равшан ёзиб ҳам қўйилган. Ана шундай сифатларга эга бўлган Зотдан беркинишга уриниш жуда ҳам кулгили-ку!

Аллоҳ таоло “Анкабут” сурасида:

«Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ беради. Ва У эшитувчи, билувчидир», деган (60-оят).

Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, кўпгина жонзотлар ризққа муҳтож бўлганида уни тановул қилишдан бошқа нарсани билмайди. Ризқ топиш учун ҳаракат ҳам қилмайди. Ризқни ўзи билан кўтариб ҳам юрмайди. Ўзига ризқ жамғармайди ҳам. Фақат ризқ керак бўлганида уни тановул қилади, холос.

Аммо уларнинг бирортаси ризқ топилмасдан, оч қолиб ўлиб ҳам қолмайди, ризқини териб еб юраверади. Фақат инсонгина ризқ тўплашни одат қилган. Илоҳий таълимотлардан узоқ бўлган баъзи бир одамлар ҳаётни ризқ-рўз учун курашишдан иборат, деб ўйлайдилар. Улар ўзларича, ризқни ўзимиз топмоқдамиз, деб гумон қиладилар. Аслида эса:

«Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ беради». 

Яъни, ризқини кўтара олмайдиган ўша жонзотларга ҳам, инсонларга ҳам ризқни Аллоҳ таоло беради. Бошқа ҳеч ким бера олмайди.

Аллоҳ таоло “Раъд” сурасида:

«Аллоҳ хоҳлаган бандасининг ризқини кенг қилур ва тор қилур. Улар бу дунё ҳаёти ила шод бўлдилар. Ҳолбуки, бу дунё ҳаёти охират олдида арзимас матоҳ, холос», деган (26-оят).

Одамлар «бу дунё ҳаёти охират олдида арзимас матоҳ» эканлигини англаб етиб, оқибатини ўйлаб иш тутганларида ҳам бу дунёни, ҳам охиратни қозонган бўлур эдилар. Аллоҳ аввал бу дунё неъматларини бериб, сўнгра охират неъматларига эриштирар эди. Чунки У зот Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини кенг қилиб қўяди, хоҳлаганиникини тор қилиб қўяди.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу дунё охират олдида ҳеч нарса эмас. Магар сизлардан бирингиз мана бу бармоғини денгизга солганига ўхшайди. Назар солсин-чи, бармоғига нима илашибди», деб кўрсаткич бармоқларига ишора қилдилар», дейилган.

Кимнинг ризқини кенг қилган бўлса, хабардорлик ила ва кўриб-билиб қилган. Кимнинг ризқини тор этган бўлса ҳам, хабардорлик ила кўриб-билиб туриб амр этган. Унинг амрини бажарган кам бўлмайди.


“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Халқаро конференцияларнинг бирида одам анатомияси соҳасидаги машҳур олимлардан бири, таиландлик профессор Тажасат Тажасан сўзга чиқиб, инсондаги асаб тизими, давоми...

5785 19:40 / 17.04.2019
Ғассон ибн Фазлдан ривоят қилинади .Бишр ибн Мансур раҳматуллоҳи алайҳ дўстларидан бирини кўриб қолса, ёнига бориб, уловнинг жиловидан тутиб юрар эди. Менга ҳам кўп марта шундай қилган,..Солиҳлар гулшани, китобидан

2766 08:01 / 02.03.2020
Рабиъ ибн Субайҳдан ривоят қилинади .Бир куни Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ваъз қилаётган эдилар, бир киши йиғлаб юборди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ унга давоми...

2692 09:02 / 08.03.2020
Али розияллоҳу анҳу айтадилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадрга борганларида у ерда икки кишини кўрдик. Бири Уқба ибн Абу Муайтнинг мавлоси, бири эса давоми...

1766 08:00 / 08.11.2020
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021