1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Шубҳали нарсалардан йироқда бўлиш

17:00 / 05.01.2019 2968 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савдогар киши шубҳали нарсалардан йироқда бўлиши жуда ҳам зарур. 

Тижоратда кўп учраб турадиган шубҳали, ноаниқ, аслини билиб бўлмайдиган, шунинг билан бирга, шариатдаги ҳукми ноаниқ бўлган савдо молларидан узоқда бўлиш тожир учун ўта муҳимдир. Мусулмон тожир бундай нарсаларнинг ҳукмини биладиган олимлардан сўраб олиб, кейин сотса, ҳаромдан сақланган бўлади.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали нарса)ларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шариф энг улуғ ҳадислардан ҳисобланади. Уламоларимиз: «Бу ҳадис Исломга мадор бўлган учта ҳадиснинг биридир, шунинг учун уни Исломнинг учдан бири десак бўлади, дейишган.

Бу ҳадиси шарифнинг улуғлиги шундаки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унда таом, ичимлик, кийим, никоҳ ва бошқа ҳамма соҳалардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилиб берганлар.

Шунингдек, у зот бу ҳадисда ҳаром нарсаларни ҳам баён қилиб, кишиларни ҳалолга уриниб, ҳаромдан ҳазар қилишга чақирадилар. Шу билан бирга, ҳалол билан ҳаромнинг ўртасида шубҳали нарсалар борлигини, дини ва обрўсини пок сақлашни истаган одам шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиши лозимлигини таъкидладилар. Шубҳали нарсаларга яқинлашиш худди подшоҳ ўзи учун хос қилган қўриқхона ёнида ҳайвон боқишдек хатарли эканини баён қиладилар.

Сўнгида эса бу жабҳада энг муҳим масала қалб масаласи эканини, ҳалол-ҳаромда қалб солиҳ бўлиши лозимлигини тушунтирадилар.

Имом Ибн Арабий:

«Биргина ушбу ҳадиснинг ўзидан ҳамма аҳкомларни чиқариб олиш мумкин», деганлар.

Имом Қуртубий эса:

«Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни унга қайтариб, солиштириб кўриш мумкин», деганлар.

“Бозор ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шу ўринда рибо ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтсак. .Рибо, луғатда .зиёда, деган маънони англатади. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл давоми...

3865 11:00 / 19.05.2021
Қурайшдан бир киши Маккалик Умму Қайс исмли аёлга совчи қўйди. Умму Қайс мусулмон бўлиб Мадинага ҳижрат қилган эди. Умму Қайс у кишига Мадинага ҳижрат қилсагина давоми...

3166 17:00 / 19.03.2022
Ҳадис ўқиш ибодатдир Ҳадис ўқиш ибодатдир, ҳадис ўрганиш савобдир. Қолаверса, ҳадиси шарифларда икки дунё саодатининг калити мавжуддир. Уларда ҳаётимизнинг ҳар давоми...

2319 16:05 / 21.08.2019
Ханнос ибн Саҳим айтади .Зиёд ибн Жарир билан ахлат ёнидан ўтиб кетаётган эдик. Сўзим орасида .Йўқ, омонат билан қасам,, деб юбордим. Шунда Зиёд йиғлади. Мен жуда давоми...

3006 08:00 / 14.01.2020
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021