1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Кичиклар катталарни эъзозлайди

10:10 / 06.01.2019 3448 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда ёшларнинг кексаларни эъзозлашини йўлга қўйиш билан чегараланиб қолинмаган. Кичик ёшдагилар ўзидан катталарнинг, улар кексами, кекса эмасми – барибир, ҳурматини жойига қўйиши шариатга киритилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Кичик каттага, пиёда ўтирганга ва озчилик кўпчиликка салом беради».

Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.

Бу ҳадиси шариф кўпинча салом бериш одоблари бобида келтирилади. Икки киши учрашиб қолганда кичик ёшдаги одамнинг катта ёшдаги одамга салом бериши мусулмонлик одобларидандир. Бу ҳам катталарни эъзозлаш ва ҳурматлашнинг гўзал намунасидир.

Ибн Умар шундай деди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисвок қилаётганларини ва қавмнинг каттасига берганларини кўрдим. У зот:

«Жаброил соллаллоҳу алайҳи васаллам каттадан бошлашимни амр қилди», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок ишлатиб турганларида атрофдаги кишилар ўша муборак мисвокни кимга берар эканлар, дея умидвор бўлиб кўз тикиб туришган. Шунда у зот алайҳиссалом мазкур мисвокни қавм ичидаги энг катта ёшдаги кишига берганлар. Шу билан бирга, бу ишни ўзларича қилмаганларини, балки фаришта Жаброил алайҳиссаломнинг амрлари билан қилганларини айтиб қўйганлар. Яъни бу Аллоҳ таолонинг амри бўлган.

Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир дўстим билан бордик. У зотнинг ҳузурларидан туриб, ортга қайтмоқчи бўлганимизда бизга: 

«Намоз вақти кирса, азон айтинглар, сўнгра иқома айтинглар, иккингиздан каттангиз имом бўлсин», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган. Абу Довуднинг ривоятида: 

«Яхшиларингиз азон айтсин, аҳли Қуръонларингиз имом бўлсин», дейилган.

Ушбу икки ривоятда бир неча муҳим масалалар баён қилинмоқда:

1. Икки киши бўлса ҳам, азон ва иқома айтиб, жамоат бўлиб намоз ўқиш кераклиги.

2. Фазлда баробар икки кишидан ёши каттаси имом бўлиши лозимлиги.

Чунки Пайғамбар алайҳиссаломнинг «иккингиздан каттангиз», деганлари фазли ортиғингиз деганларидир.

3. Азонни қавмнинг ичидаги энг яхшиси айтиши кераклиги. Чунки муаззинга ибодат вақтларини қавмга билдириб туриш иши юкланган бўлади. Бундай нозик, масъулиятли вазифа ҳар кимга ҳам топширилавермайди. Фақат ҳар бир қавмнинг ичидаги яхшиларигина бу ишончга сазовор бўлишлари мумкин.

4. Аҳли Қуръонлар имом бўлишлари лозимлиги.

Бунда фақат Қуръонни ёд олган киши эмас, аҳли Қуръон бўлган, Қуръонни ҳам, шариатни ҳам керагича билган, тақвода, ихлосда юқори мақомга етган зотлар кўзда тутилмоқда. Чунки ҳар бир қавмнинг имоми уларга Аллоҳ таолонинг йўлини танитувчи кишидир.

Намозга кимлар имом бўлиши айтилган ҳадислар кўп бўлиб, уларда даъвогарларнинг бошқа сифатлари тенг бўлиб қолганда улардан ёши каттаси имом бўлиши таъкидланган.

“Кексаларни эъзозлаш” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу румликлар устига бир қўшин юборди. Қўшинда саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Ҳузофа исмли зот давоми...

2852 08:00 / 27.12.2020
Суҳайл ибн Абу Осим айтади Салам алХаввосдан Сизга Али ибн Фузайлнинг қандай вафот этгани ҳақидаги хабар келганмиrdquo деб сўрасам, у киши Ҳа, келган. Бир куни Али давоми...

3309 12:58 / 16.12.2018
Абу Мусо Имрон ибн Мусо Турсусийдан ривоят қилинади .Фатҳ Мусилий икки ёш бола олдидан ўтиб қолди. Бирининг қўлида асал суртилган нон, бирида эса тузламали нон давоми...

3566 07:10 / 26.02.2019
Сиз кўриб турган, .Омадли қул, деб номланган мазкур портрет оддий сурат эмас. Бу портрет 1733 йилда инглиз рассоми Уилям Ҳоар томонидан чизилган. Айни пайтда давоми...

2089 20:00 / 29.04.2020
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021