1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Синов, ихлос, дуо

13:37 / 22.09.2025 6036 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу воқеа араб мамлакатларидан бирида содир бўлган.

Эридан учта гўдаги билан тул қолган Ҳалима исмли аёлнинг аҳволи танг бўлиб қолди. Бир амаллаб кун кўриб туришган эди. Мана, учинчи кундирки, болалари туз тотгани йўқ. Она саҳарда яратганга илтижо қилиб ёлворди.

«Эй саховатли Раззоқим! Синовларингни менга осон қил. Иймонимни ва номусимни Ўзинг асра!»

Зўрға ўрнидан турди. Ухлаётган болаларининг тепасига келиб, очликдан кичрайиб, сўлиб бораётган юзларига қараб юраги эзилди, хўрлиги келди. Деворга суяниб беихтиёр деразадан ташқарига қаради. Шу вақт рўпарадаги кўча ёқасига эски бир такси келиб тўхтади. Қалбида умид учқуни порлади:

«Шу таксичидан ёрдам сўрасамчи? Мусулмондир, ахир. Аҳволимни тушунтирсам уч-тўрт тангасини аямас»

Бор қувватини жамлаб, рўмолини бошига ташлаганча кўчага чиқди.

- Эй муҳтарам зот, мен тиланчи эмасман. Аммо уч кундан бери болаларим билан туз тотмадик. Сабрим тугади. Номусимдан айрилиб қолмасам деб қўрқаман. Бошқа сотадиган нарсам йўқ!

Ҳозирги мижози берган пулни чўнтагига соларкан, энди юришга чоғланган таксичи бу аёлнинг аянчли овозидан ғалати бўлиб кетди:

«Ёрдам бериш керак!»

Миясига келган илк фикр шу бўлди. Бу фикрнинг кетидан оқиб кела бошлаган нафс ва шайтоннинг ҳийлакор бахоналарига тутқич бермай, ҳамёнидаги анчадан бери тўплаб қўйган бир даста пулни олиб шундоғича аёлнинг қўлига тутқазди:

«Ол буни синглим, лекин номусингни сақла» деди-ю, газни босди.

Ортидан аёлнинг:

Даргоҳи Илоҳияга тўғри етиб боргувчи «Аллоҳ сенинг ҳам ишингни ўнгласин!» деган, камоли мамнуният ва самимият билан айтган сўзларини ҳам эшитмади.

Таксичи уйига қайтаркан, кўзи йўлда-ю, хаёли бу ишни хотинимга қандай тушунтираман деган ўй билан машғул эди. Гап шундаки, машинасининг ҳамма ғилдираги ишдан чиқиб эскириб қолган, ҳар куни юрагини ховучлаб юрар эди. Топганини тежаб-тергаб анчадан буён пул тўплаб юрганди. Бугун эрталаб тўртта ғилдирак олиш ниятида шу пулларни ёнига солиб олган эди...

Начора, ғилдиракка эмас бировга насиб қилган экан...

Дарҳақиқат, салом-аликдан сўнг хотини дарров ғилдиракни сўради. Устахонага учрадим. Уч тўрт кун сабр қилинг дейишди. Яқинда яхшиларини олиб келишаркан, деб ғўлдиради эр, хотиннинг кўзларига қарамасдан...

Орадан уч тўрт кун ўтиб кечки пайт таксичи уйига қайтса, хотини унга бир қоғоз тутқазди:

«Уста шекилли, сизни сўраб келди. Эрталаб мана бу манзилга борсин, ғилдиракларини алмаштириб бераман деб кетди. Ўша айтгани келган кўринади» - деди.

Эр ҳайрон, манзил ёзилган қоғозни қўлга оларкан, рост айтяпсанми, дегандек хотинига қаради. Тамоман бегона жой! Ким бўлди экан? Ўйлаб ўйига етолмади. Таваккал, эрта тонгданоқ бораман. Нима гаплигини албатта биламан, деб кўнглига тугиб қўйди.

Эрта тонгда нонушта қилмай кўчага отланди. Манзилни топиш қийин бўлмади. Устахона хўжайини бўлса керак, эшик олдида бир киши ўтирарди. Худди хотини таърифлаган кишига ўхшайди. У ҳам таксичини кўриб қадрдонлардек пешвоз чиқди.

Устахона хўжайини ёшли кўзларини унга қадаб:

«Сен нима иш қилгансанки, уч кундан бери Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тушимга кириб, сенинг номингни айтиб:

«Шу кишининг ғилдиракларини янгилаб бер, мен сени қиёматда шафоат қилай» дейдилар! Кел, биродар, машинангни ичкарига олиб кир...».

Таксичи бир лаҳза қулоқларига ишонмай, туриб қолди. Томоғига бир нарса тиқилди. Сўнгра унинг ҳам кўзларидан ёш чиқиб кетди...

Шоолим Шомансур

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 22 июлдаги 03-07/4389-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу инсонни Мисрда ҳамма танийди, у шунчалик бойки, сепган атирини ҳидига ошиқ бўлмай иложи йўқ. Ёнимиздан ўтса атир ҳиди бошқаларга ҳам ўрнашиб қоларли давоми...

2366 11:24 / 22.04.2025
1265. Ибн Аббосдан ривоят қилинади.У зот азза ва жалланинг .Одамлардан беҳуда сўзни сотиб оладиганлари бор, деган қавли ҳақида .Қўшиқ ва шунга ўхшаш нарсалар,, давоми...

8362 17:57 / 07.07.2017
Бойлардан бири боғ сотиб олди. У боғига қараш учун Муборак исмли хизматкорни боғига қўйди. Бир қанча вақт Муборак боққа қоровуллик қилиб, каттакичик ишларига давоми...

4162 17:00 / 30.07.2022
1940 йилларнинг охирларида Aмерикада бир воқеа содир бўлади. Бир бой бизнесменнинг ўлимидан бир неча йил ўтгач, бир аёл боласи билан судга мурожаат қилади. Унинг давоми...

5273 14:31 / 15.07.2022
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021