1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Заиф ҳадисни писанд қилмай қўйяпти

21:10 / 25.04.2016 3163 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолодан сизга саломатлик сўраган ҳолда қуйидаги саволни бермоқчиман. Ҳазрат, жавобингизга ҳар доимгидек мунтазирман. Ҳозир кўп кузатяпман, агар бир ҳадиси шариф «заиф» дейилгудек бўлса, одамлар уни писанд қилмай қўйяпти, аслида, бу хато-ку. Заиф ҳадис ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинганлигини ким ҳам инкор қила олади? Бир мисол, имом Абу Ҳанийфага: «Сен ҳадис турганда, ўз раъйинг билан жавоб беряпсан», деб таъна қилишганда, у киши «Ҳатто заиф ҳадис бўлганда ҳам, мен раъйни ишлатмайман. Ҳадис бор жойда раъйга ўрин йўқ» деган маънода жавоб берган эканлар. Шунга кўра, ҳадис гарча заиф бўлса ҳам унга амал қилишимиз, диққат қилишимиз зарур эмасми, устоз?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Сиз айтаётган гап одамларимизнинг илмсизлиги оқибатида тарқалган. Бундай одамлар билиб-билмай, ҳар нарсани гапираверишни ўзларига эп кўрадилар. Аслида эса, гап бошқача. Уламолар бу масалада қуйидагиларни айтадилар:

Заиф ҳадисга амал қилишнинг ҳукми. 

Уламолар заиф ҳадисга амал қилиш борасида ихтилоф қилдилар. Уларнинг бу борадаги ихтилофлари асосида уч хил йўналиш пайдо бўлди.

1. Заиф ҳадисга мутлақо амал қилиб бўлмайди, дейдиган уламоларнинг йўналиши. 

Бу фикрни Яҳё ибн Маъийн ва бошқа кўпгина уламолар айтганлар. Уларнинг айтишича, заиф ҳадисга шаръий ҳукмларда ҳам, бир нарсага тарғибот қилишда ҳам, ёмонликдан қайтаришда ҳам, фазийлатли ишларда ҳам амал қилиб бўлмайди.

«Қавоидут-таҳдийс» китобининг муаллифи Муҳаммад Жамолуддийн Қосимийнинг фикрича, имом Бухорий ва имом Муслим ҳам шу йўлни тутганлар.

Ўз асрларида Моликий мазҳабининг кўзга кўринган имомларидан бўлган Абу Бакр ибн Арабий, шофеъийлардан Абу Шома Мақдисий, зоҳирийлардан ибн Ҳазм ҳам ушбу йўналишда бўлганлар. Уларнинг фикрига биноан, ҳадис Қуръондан кейинги иккинчи шаръий манбаъ бўлганлиги учун, ундан фақат собит бўлгани ва собитлиги ғолиб бўлганини қабул қилиш керак бўлади. Заифини эмас.

2. Агар бошқа далил бўлмаса, заифга амал қилса бўлаверади.

Бу йўналиш тарафдорлари имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Абу Довуд ҳам ушбу фикрнинг тарафдорлари эканлигини таъкидлайдилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳидан «Агар бошқаси топилмаса, заифга амал қилинади», деган қавлни ривоят қиладилар. Шунингдек, у кишидан яна «Бизнингча, заиф ҳадис одамларнинг раъйидан маҳбубдир» деган гапни ривоят қиладилар.

Аммо уламолар имом Аҳмад «заиф» деб атаган ҳадис кўпчилик учун маълум бўлган, мардуд деб баҳоланадиган ва тарк қилиниши лозим бўлган «заиф» эмаслигини таъкидлайдилар.

Бу ҳақда Ибн Қайюм айтади:

«Унинг (Аҳмад ибн Ҳанбалнинг) ҳузурида заифдан мурод, ботил ва мункар, ривоятида туҳматга учраган ровий бор, ривоят қилиш ҳам, амал қилиш ҳам мумкин бўлмаган ҳадис эмас. Унинг назаридаги «заиф» «саҳиҳ»нинг қаршисидаги ҳадис бўлиб, ҳасан ҳадиснинг қисмларидан бир қисмдир. У ҳадисларни «саҳиҳ», «ҳасан» ва «заиф»га тақсимламас эди. Балки, «саҳиҳ» ва «заиф»га тақсимлар эди».

3. Заиф ҳадисга фазийлатли ишларда, мавъизада, қиссаларда, тарғиботда, ёмонликдан қайтаришда ва шунга ўхшаш нарсаларда амал қилса бўлади.

Жумҳур уламолар: «Агар заиф ҳадис фазийлатли амалларга хос бўлса, унга амал қилиш мустаҳабдир», дейдилар. Лекин унга амал қилишнинг учта шарти бор. 

Ҳофиз ибн Ҳажар мазкур учта шартни қуйидагича ифода қилади: 

а) заифлиги жуда ҳам шиддатли бўлмаслиги керак.

б) ўша ҳадиснинг маъноси шариатда амал қилиниб турган бир аслнинг остига кирадиган бўлиши керак.

в) амал қилиниши билан бирга, унинг собитлигига эътиқод қилмаслик керак, балки эҳтиёт шарт, деган тушунчада бўлиш керак. Валлоҳу аълам.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳазрат, рўзага доир қуйидаги саволларим бор эди1. Ҳазрат, рўзадор инсон атир ишлатса, бўладими Масалан, сепиладиган ёки суриладиган. Суриладиган атир ишлатса, рўза давоми...

18192 15:57 / 24.04.2016
9савол .Қуръони Карим илмий маълумотларга зид келадими, Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамдулиллаҳ васоллаллоҳу васаллама ва барока аъла Расулиллаҳ ва ала алиҳи давоми...

2290 16:56 / 17.01.2023
Ассалому алайкум Устозлар, кўчакўйда кўп учрайди одамлар ирим сиримчиликни ўта ошириб юборишади. Нима эмиш quotсупургини суяб қўйса ёмон бўладиquot, quotкул ва чиқинди давоми...

2726 08:00 / 28.12.2018
САВОЛ Ҳозирги кунда болалар туғилганида улар билан қўшилиб тушадиган йўлдошдан, яна шунга ўхшаш ҳомилани олдириб ташлаш пайтида чиқадиган чиқиндилардан дорилар давоми...

3490 18:47 / 26.04.2016
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021