1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Уламолар, диний соҳа ходимлари мукофотланди

14:48 / 28.08.2021 3408 pdf Ўқиш режими + -

Аввал хабар берганимиздек, 2021 йил 28 август куни Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида бир гуруҳ таниқли уламолар, исломшунос олимлар, тажрибали имом-хатиблар ва имом-ноиблар, моҳир мударрислар, фаол отинойилар ҳамда диний соҳа ходимларини «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан мукофотлаш тадбири бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъуллари, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, нуфузли уламолар, исломшунос олимлар, тажрибали имом-хатиблар, диний соҳа ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда юртимизнинг таниқли уламолари ва тажрибали имом-хатибларнинг Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, тинчлик ва осойишталикни, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишда алоҳида фидойилик кўрсатаётганлари юксак эътироф этилди.

Мазкур тадбирда мутасаддилар томонидан диний соҳа ходимларига «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони тантанали равишда топширилди.

Жумладан, «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Исмоил домла Муҳаммад Содиқ «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланди. Шунингдек, ушбу масжид имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид, «Ҳилол нашр» нашриёти муҳаррири Озод Мунаввар, «Grand ta'lim» нодавлат таълим муассасасининг бир қатор устозлари ҳамда барча диний соҳада фаолият олиб бораётган уламолар, домлалар, устозлар ва отинойилар юксак мукофот билан тантанали равишда тақдирландилар.

Маросимда сўзга чиққан нотиқлар томонидан 2021 йил мамлакатимиз тарихий воқеаларга бой йил бўлаётгани, энг асосий воқеаларидан бири – Ўзбекистон мустақил йўлини танлаганига 30 йил тўлиши экани, ушбу буюк неъматга эришиш йўли нақадар мураккаб бўлгани, бу йўлда қанчадан-қанча зиёли, мард, ватанпарвар боболаримиз шаҳид бўлгани, уларни хотирлаш, шундай дориломон кунларда яшаётганимизга шукроналар айтиш, шу маънода, мустақилликнинг қадрига етишимиз ҳар биримиз учун муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Сўнги йилларда диний-маърифий соҳада олиб борилган улкан ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам алоҳида эътироф этилаётгани мамнуният билан тилга олинди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган илм-маърифат марказига айланганига катта урғу қаратилди.

Ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил этилиши диний тадқиқотларни янги босқичга олиб чиққани, академия таркибидаги малака ошириш Маркази фаолиятига қўшимча равишда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилгани ҳам диний таълим соҳасида ўзига хос аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Дарҳақиқат, мукофотланганлар орасида диний-маърифий соҳада фидокорона меҳнат қилаётган таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар, жонкуяр мударрислар ва диний соҳа ходимлари ҳам «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони соҳиби бўлганлари жуда ҳам қувонарли ҳол бўлди.

Ушбу юксак мукофотни қўлга киритганлар мамлакатимиз равнақи, динимиз ривожи, элимиз фаровонлиги йўлида янада шиддат меҳнат қилишларини изҳор этиб, давлатимизнинг юксак эътирофига муносиб бўлишларини билдирдилар.

Мазкур фидоий ва жонкуяр инсонларга Аллоҳ таборака ва таолодан дин, халқ ва Ватан йўлидаги хизматларида улкан муваффақиятлар бардавом бўлишини тилаймиз, хусусан, «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони муборак бўлишини сўраймиз.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қонун билан исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия тури жорий қилиниб, унга оид талаблар белгиланади. Мазкур лицензия билан банклар давоми...

881 18:29 / 05 февраль
Бугун 10 апрель куни .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, мажмуасининг мажлислар залида муборак Рамазон ойида Қуръони Карим хатмоналарини юртимиз масжидларида давоми...

3120 17:09 / 10.04.2021
2019 йилдан бери илк бор йиғилган юзлаб Гонконг мусулмонлари пайшанба куни Коулун масжидининг асосий залида Рамазон ифторига тўпланишди.Ушбу йиғилиш пандемия давоми...

1573 08:00 / 06.04.2023
Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Умра сафарига жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. Мамлакатимизда миллийдиний қадриятларимизни асрабавайлаш ва давоми...

2546 09:20 / 29.10.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021