Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 19 зулқаъда | 2026 йил 06 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (40-дарс). Каромат тушунчаси ва унинг турлари

15:30 / 04.07.2019 5847 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Каромат» «карума», «якруму» феълидан олинган масдар бўлиб, юқорилик ва шараф маъносини англатади.

Каромат шу маънода икки хил бўлади:

1. Аслий.

2. Касбий.

Биринчи(аслий каромат)нинг мисоли қуйидаги оятда:

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик» (Исро сураси, 70-оят)

Ушбу каромат мўмин бўлсин, кофир бўлсин, башариятнинг ҳамма аъзолари учун умумийдир.

Иккинчи(касбий каромат)нинг мисоли:

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят)

Бу каромат тақводор мўминда ҳосил бўлади.

Одатдан ташқари ишларни каромат дейиш мажозийдир. Чунки Аллоҳ таоло ўша ишларни тақводор мўминнинг икроми учун унинг томонидан содир этади. Аллоҳ таолонинг икром қилиши ўша ишларнинг содир бўлишига сабаб бўлади.

Кароматнинг зоҳир бўлишидаги ҳикмат – каромат содир бўлганидан сўнг валийнинг ишончи яна ҳам зиёда бўлиб, дунёдаги зуҳди-тақвоси кучайиб, ҳавойи нафс даъвоси йўқолишидир.

Кароматларнинг ростлигига далил:

1. Аллоҳ таолонинг Биби Марям қиссасидаги ушбу ояти:

«Закариё ҳар сафар унинг олдига – меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди» (Оли Имрон сураси, 37-оят).

2. Қуръони Каримдаги Каҳф – (ғор) соҳибларининг узун қиссаси.

3. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг икки «Саҳиҳ» китобларидаги кирган ғорларининг оғзига харсанг тушиб қолган уч кишининг қиссаси.

4. Қуръони Каримдаги қуйидаги оят:

«Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур» (Талоқ сураси, 2-3-оятлар)

5. Ва ушбу оят:

«Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон қилиб беради» (Анфол сураси, 29-оят).

Ушбу икки оятда валийликнинг шарти бўлмиш тақво зикр қилинди. Сўнгра тақводор валийнинг каромати зикр этилди. Бу унга ҳамма мусибатлардан кушойиш берилиши, ризқининг ўйламаган, билмаган томондан берилиши ва ҳақ билан ботил орасини фарқловчи нурнинг берилишидир» (Иқтибос тугади).

Ушбу иқтибосга қўшимча сифатида айтишимиз лозимки, тасаввуфга кириш, унда шайх бўлишдан асосий мақсад каромат кўрсатиш эмас. Балки руҳий тарбия ила шуғулланиш ва мўмин-мусулмонларни тарбия қилишдир. Кароматнинг маъноси икром қилишдир. Аллоҳ таоло Ўзига тақво ва зоҳидлик ҳамда кўп ибодат ила қурбат ҳосил этган бандаларига икром кўрсатиб, баъзи бир оддий одамлар қила олмайдиган нарсаларни улар орқали юзага чиқариб, дуоларини қабул қилиб, олий даражадаги илму ирфон ҳамда фаросат бериб, уларни мукофотлайди. Кўпчилик аҳли тасаввуфнинг «Валий ўзининг кароматини ўзи билмаслиги шарт», деган гаплари бор.

Шу билан бирга, валийларга ва уларнинг кароматларига Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича эътиқод қилмоғимиз лозим.

Яъни ҳар бир мўмин-мусулмон содиқ иймони туфайли Аллоҳ таолонинг ҳимоясига киради, дўстига – валийсига айланади. Иймонларининг, ибодатларининг, ихлосларининг тадрижига кўра Аллоҳ азза ва жалла ҳар бир мўмин-мусулмонга маълум даражада икром кўрсатади.

Тақвоси, эҳсони кучли бўлган валийларга оддий одамлар қила олмайдиган одатдан ташқари ҳолатлар ато этилиши ҳам рост.

Сувда юрувчи, осмонда учувчи, бир неча лаҳзада кўз илғамас жойларга бориб келувчи, балиқлар унга итоат этувчи, ўзгаларнинг ҳолидан хабар берилган, ўзининг кўргиликларидан огоҳ этилган каромат соҳибларининг борлиги ҳам рост.

Қиёмат қоим бўлгунча турли валийлардан ҳар хил кароматлар содир бўлиши ҳам инкор этилмайдиган башоратдир.

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳикоя қилинишича, бундан бир неча юз йиллар олдин чироқ ўрнида оловдан фойдаланиладиган даврда бир бадавлат киши яшар эди. Уни барча хос хизматларини бажарадиган давоми...

3563 05:00 / 01.03.2017
Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам давоми...

4514 13:00 / 13.06.2020
Куннинг аввалида банданинг нафси билан яхшилик қилишга шартлашиб оладиган вақти бўлганидек, куннинг охирида қилинган ишларни ҳисоблашиб оладиган вақти ҳам давоми...

3608 09:08 / 24.11.2018
Қалбни кир қиладиган, ташвишга ва хижолатга соладиган нарсаларни тарк қилиш. . ,. . Наввос ибн Самъон Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

2923 19:00 / 03.02.2024
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021