Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (102-дарс). Муоқаба, мужоҳада ва муотаба

13:00 / 12.09.2020 4249 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(тўртинчи мақола)

Муоқаба – нафсни камчилиги учун жазолаш.

Инсон нафсини қанчалик тергамасин, барибир баъзи маъсиятлардан ва камчиликлардан четланиб қола олмайди. Шунинг учун у нафсини ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги лозим. Акс ҳолда нафси ўрганиб қолиб, кўз юммай гуноҳ қилишга одатланади. Бунинг оқибати эса ҳалокат билан тугаши мумкин.

Шунинг учун ҳар бир банда ўз нафсини камчилиги учун жазолаб туриши керак. Агар шубҳали бир луқмани иштаҳа билан еб қўйса, қорнини очлик билан жазоласин. Агар номаҳрамга назар солиб қўйса, назарини қарашдан ман қилиш ила жазоласин. Шу тарзда ўзининг ҳар бир аъзосини унинг шаҳватига қарши жазолайди.

Ҳар бир киши ўз фарзандлари, аҳли-аёли, ишчилари ёки қарамоғидагиларни йўл қўйган хатолари, камчилик ва нуқсонлари учун жазолашни дарҳол йўлга қўяди. Агар вақтида жазоламаса, ўзбошимча бўлиб, гапига кирмай қўйишидан қўрқади.

Бас, шундай экан, нима учун дунё ва охират бахтсизлигига олиб бориши мумкин бўлган нафсимизни жазоламаслигимиз керак?

мужоҳада

Бу мақомда ўз нафсини тергаган одам унинг маъсият қилганини кўрса, юқорида айтиб ўтилган азоблар билан жазолайди.

Агар дангасалик туфайли баъзи фазилатли ишларни ёки вирдларни озроқ қилган бўлса, нафсига баъзи вирдларни кўпайтириш ёки турли оғир вазифаларни юклаш билан одоб беради. Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаган обидлар шундай қилар эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир марта аср намозини жамоат билан ўқий олмай қолганида нархи икки юз минг дирҳам бўлган ерини садақа қилган.

У киши розияллоҳу анҳу қай бир намозни жамоат билан ўқий олмай қолса, ўша кечаси ухламай намоз ўқиб чиқар эди. Бир куни шом намозини кечикиб, иккита юлдуз чиққанида ўқиди ва шу камчилик учун иккита қулни озод қилди.

Нафси доимий равишда вазифаларни бажаришга чидамайдиган одамлар бу нуқсонни йўқотиш учун катта мужтаҳидларнинг ҳикояларини ўргансин, улардан ўрнак олсин. Яна солиҳ кишидан муносибини топиб, шогирд тушсин ва ўша кишидан маслаҳат ҳамда ўрнак олсин.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Агар уч нарса бўлмаганида, бир кун ҳам яшашни истамасдим: кундузи Аллоҳ учун чанқаш, кечаси Аллоҳга сажда қилиш ва худди хурмонинг яхшиси танлаб олинганидек, сўзнинг яхшисини танлаб гапирадиган қавмларнинг суҳбати».

Робийъ ибн Хайсамнинг қизи: «Отажон! Нима учун одамларнинг ухлаганини кўраман-у, сизнинг ухлаганингизни кўрмайман?» деганида, у: «Қизгинам! Отанг тунгги ҳужумдан қўрқади», деб жавоб берган экан.

Обидлардан бири қуйидагиларни айтади: «Иброҳим ибн Адҳамнинг ҳузурига борсам, энди хуфтонни ўқиб бўлган экан. Мен уни кузатиб турдим. У ўзини бир ридога ўради. Кейин ёнбошлаб, кечаси билан тонг отгунча бирор марта қимирлаб ҳам қўймади. Муаззин азон айтди. У таҳорат қилмади. Бу менда шубҳа туғдирди ва унга: «Аллоҳ сенга раҳм қилсин. Кечаси билан ёнбошлаб ухлаб чиқдинг. Аммо таҳоратингни янгиламадинг?» дедим.

«Кечаси билан аҳёнда жаннат боғларини кезиб, аҳёнда дўзах водийларида юриб чиқдим. Бундай ҳолатда уйқу бўладими?» деди у.

муотаба

Муотаба – нафсни қўрқитиб туриш.

Нафснинг ёмонликка чорлаб, гуноҳга интилиб туриши бор ҳақиқат. Шунинг учун уни доимий равишда бундай ишлардан қўрқитиб туриш керак бўлади. Гуноҳлар бу дунё ва охиратда жуда оғир оқибатларга олиб келиши ҳақиқат эканини нафсига эслатиб, уни қўрқитиб турган банда муотабани ўрнига қўйган бўлади.

(Тамом)

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг муҳаббати ва розилиги ndash унга интилувчиларнинг улкан орзусидир. Бунга барча мусулмонлар ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳ таоло бандасидан бу дунёда рози давоми...

10913 09:16 / 17.04.2017
Аллоҳ таолонинг бандаларига берадиган неъматлари беҳисоб экани ҳеч кимга сир эмас. У Зотнинг Ўзи Иброҳим сурасида .Агар Аллоҳнинг неъматини санасангиз, адоғига давоми...

564 19:00 / 07 февраль
Аллоҳ таоло бандасига яхшиликни раво кўрса, уни ўз айбини ўзи кўра оладиган қилиб қўяди. Айбни кўргандан кейин уни тўғрилаш осон бўлади. Ўз айбини аниқлашнинг тўрт давоми...

4970 13:00 / 24.10.2020
биринчи мақола Гоҳида мурид жидду жаҳд қилиб, маъсиятларни тарк қилиб, хулқининг сайқалланганини ва энди мужоҳадага ҳожат қолмаганини гумон қилиши мумкин. Аслида давоми...

5405 13:00 / 07.11.2020
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021