Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 186-дарс. Мол-дунёнинг фойда ва зарарлари

19:00 / 30.05.2022 4257 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мол-дунёнинг фойдалари дунёвий ва диний бўлади.

Унинг дунёвий фойдаларини ҳамма яхши билади ва шунинг учун кўпчилик ўзини унга уради.

Унинг диний фойдалари уч турлидир:

Биринчиси – молни ўзи учун сарф қилиш. Бунда ҳаж ва умрага ўхшаш ибодатларга ёки ейиш, ичиш, кийим ва маскан каби яшаш учун зарур бўлган ибодатга ёрдам берувчи нарсаларга сарфланади.

Мазкур ҳожатлар қондирилмас экан, қалб дин-диёнат ва ибодат учун фориғ бўлмайди. Ибодатга етиштирадиган нарса ҳам ибодатдир. Бас, мол-дунёдан дину диёнат учун кифоя қиладиган миқдорини олиш диний фойдадир.

Эҳтиёждан ташқари, ортиқча сарф-ҳаражат дунёнинг насибаларидан бўлади.

Иккинчиси – молни бошқа кишиларга сарф қилиш.

Бу тўрт қисмдан иборатдир:

1. Садақа. Унинг фазилатлари маълум ва машҳурдир.

2. Мурувват. Бунда молу дунёни бой-бадавлат, шарафли кишиларга зиёфат, ҳадя, ёрдам шаклида сарф қилинади. Бу ҳам диний фойдалардандир. Зотан, булар ила киши дўст ва биродарлар орттиради.

3. Обрўни сақлаш. Бунга шоирларнинг ҳажвини даф қилиш ва эсипастларнинг айбловини қайтариб, тилини тийиш учун мол сарфлаш киради. Бу ҳам диний фойдаларга киради. Чунки бу билан ғийбатчини ғийбат гуноҳидан ман қилади ва унинг гапи келтириб чиқариши мумкин бўлган шариатга хилоф ишларнинг олди олинади.

4. Хизматчига хизмат ҳаққи сифатида бериладиган мол.

Инсоннинг ҳожати тушадиган ишлар жуда кўп ва турли-тумандир. Уларнинг барчасини ўзи қиламан деса, қўлидан келмаслиги ва вақти зое бўлиши мумкин. Шу билан бирга, бу уни ҳар бир банда учун зарур бўлган фикр ва зикрдан қолдириши бор. Бас, ҳожати тушган нарсасини мутахассис одамга қилдириб, унга ҳақ берган афзал. Ана ўша берилган ҳақ ҳам молнинг диний фойдаларидан ҳисобланади.

Учинчиси инсон кўпчилик фойдаси учун сарф қиладиган мол-дунё. Бунга масжид, мадраса ёки кўприк қуриш каби ишлар ва турли вақфлар киради.

Ушбу зикр қилинганлардан ташқари, молнинг тиланчилик хорлигидан, фақирлик ҳақоратидан халос бўлиш, иззатли, карамли ва виқорли бўлиш каби фойдалари ҳам бор.

Энди мол-дунёнинг зарарлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Мол-дунёнинг зарарлари ҳам диний ва дунёвий бўлади.

Унинг диний зарарлари уч хилдир:

1. Ғолиб бўлган мол-дунё ўз эгасини маъсиятларга бошлайди. Одатда инсон ўзида маъсиятга қудрат борлигини ҳис қилса, унга талпина бошлайди. Мол-дунё ҳам ўз эгасини маъсиятга чорловчи омиллардан бири ҳисобланади. Қачон инсоннинг маъсиятдан умиди узилса, унга талпинмай қўяди.

Маъсиятга қудрати етадиган инсон нафсининг кўйига тушса, ҳалок бўлади. Сабр қиламан деса, қийналади. Бойликнинг фитнаси камбағалликнинг фитнасидан кўра шиддатли бўлади.

2. Мол-дунё ўз эгасини мубоҳ нарсаларда маишатпарастликка чорлайди. Бора-бора маишатпарастлик унинг одатига айланиб, ундан жудо бўлишга чидай олмай қолади. Кейинроқ бу дард шубҳали нарсаларга қўл уришга мажбур қилади. 

Сўнг муросасозликка ва мунофиқликка ўтади. Чунки моли кўпайганнинг одами ҳам кўпаяди. Кўпчилик билан муомалада нифоқ, адоват, ҳасад ва ғийбатдан холи бўлиш қийин. Буларнинг барчаси молни кўпайтириш учун қилинади.

3. Мол-дунёнинг энг катта ва кўп тарқалган зарарларидан бири шуки, у ўз эгасини Аллоҳ таолонинг зикридан чалғитади.

Зироатчи бойнинг фикр-хаёли деҳқонларни ишлатиш, уларнинг хиёнатининг олдини олиш, қўшнилар билан сув талашиш, ҳосилни йиғиб олиб сотиш, солиқчиларнинг таъқибидан қутулиш каби нарсалар билан банд бўлади.

Тижоратчи бой эса божхонани алдаб ўтиш, тижорат молини авайлаб-асраш, қимматроқ сотиш ва солиқчилар билан бўладиган машмашалар қуршовида бўлади.

Тўпланган бойликни сақлаш ва уни бировга билдирмаслик чоралари ҳамма бойларнинг умумий машғулоти экани ҳаммага маълум. Уларнинг моллари кўпайган сари ғам-ташвишлари ҳам ортиб бораверади.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг.Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у давоми...

5882 14:00 / 18.05.2019
Учинчи офат ndash гапда чуқур кетиш.Бу нарса оғизни тўлдириб, қофиясини келтирган ҳолда гапириш ила бўлади. . .Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

5247 13:00 / 02.01.2021
Банданинг тавбаси тугал ва умр бўйи давом этадиган бўлиши керак. Тавбанинг ўтган, ҳозирги ва келаси замонга боғлиқ бўлиши аввал айтиб ўтилган эди. Бас, тавбанинг давоми...

2179 19:00 / 18.01.2025
Шунингдек, кечаси таҳажжудга уйғонганда ҳам аввалги каломи зикр бўлиши учун ҳаракат қилади. . ,. .Ибн Аббос давоми...

3617 15:10 / 30.12.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021