Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Мисвок оғизни покловчи ва Аллоҳни рози қилувчидир | Сийрат дарслари (251-дарс)

19:00 / 14.10.2023 3555 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

294. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилаётиб, у юзини ювганида ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси билан икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Икки қўлини ювганида ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Икки оёғини ювганида ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундай қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

295. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мисвок оғизни покловчи ва Парвардигорни рози қилувчидир», дедилар».

Насоий, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

296. Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдим. Шунда у зот: «Муғийра, мешни ол», дедилар. Уни олдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан узоқлашгунларича юриб кетдилар. Қазои ҳожат қилдилар. Устларида шомий чопон бор эди. Унинг енгидан қўлларини чиқармоқчи бўлган эдилар, торлик қилди. Шунда қўлларини унинг остидан чиқардилар. Мен сув қуйиб турдим. У зот намозга таҳорат қилгандек таҳорат қилдилар. Сўнг маҳсиларига масҳ тортдилар ва намоз ўқидилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда бирга бўлган эдим. Маҳсиларини ечиб қўйиш учун энгашувдим: «Қўявер, уларни икки пок оёғимга кийганман», дедилар ва уларга масҳ тортдилар», дейилган.

Бухорий ривоят қилган.

Бошқасида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки маҳсиларига, бошларининг олд қисмига ва саллаларига масҳ тортдилар», дейилган.

Муслим ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
383. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Қачон мўминнинг руҳи чиқса, икки фаришта қабул қилиб юқорига давоми...

3314 19:00 / 08.03.2024
1. Аллома Ибн Мунир айтади Пайғамбар алайҳис салом кўксларининг ёрилиши ва ул зотнинг бунга қилган сабрлари худди Аллоҳ таоло Забиҳуллоҳ Исмоил алайҳис саломни давоми...

4450 19:00 / 28.04.2017
Ҳижрий 1 йил, 8ndash12 рабиъул аввал мил. 622 йил 19ndash23 сентябрь ndash Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида Қубо қишлоғида .Тақво асоси,га масжид қурилди давоми...

2087 15:00 / 21.10.2021
714. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Аллоҳ азза ва жалла .Одам боласи Мени ёлғончи қилди, у буни давоми...

4605 19:00 / 21.05.2022
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар