Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Зикр билан зикр орасида фарқ борлиги | Ҳадис дарслари (353-дарс)

19:00 / 12.11.2025 1495 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَرَجَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنْ عِنْدِ جُوَيْرِيَةَ وَهِيَ فِي مُصَلَاهَا وَدَخَلَ وَهِيَ فِي مُصَلَاهَا، فَقَالَ: لَمْ تَزَالِي فِي مُصَلَاكِ هَذَا؟ قَالَتْ: نَعَمْ، قَالَ: قَدْ قُلْتُ بَعْدَكِ أَرْبَعَ كَلِمَاتٍ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، لَوْ وُزِنَتْ بِمَا قُلْتِ لَوَزَنَتْهُنَّ: سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ، عَدَدَ خَلْقِهِ، وَرِضَا نَفْسِهِ، وَزِنَةَ عَرْشِهِ، وَمِدَادَ كَلِمَاتِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жувайриянинг олдидан чиққанларида у ўз намозгоҳида эди. Қайтиб кирганларида ҳам у ўз намозгоҳида эди.

У зот:

«Ҳали ҳам шу намозгоҳингдамисан?» дедилар.

«Ҳа» деди.

У зот:

«Мен сендан кейин тўрт калимани уч марта айтдим. Агар сен айтган нарса билан тортилса, (ул) ортиқ келур: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи адада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда номлари келган Жувайрия бинти Ҳорис онамизнинг исмлари аслида Барра бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ул муҳтарамани Жувайрия деб, марҳамат қилганлар. Ул зот розияллоҳу анҳонинг зикр билан кўп машғул бўлишлари ушбу ривоятдан маълум бўлиб турибди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларидан чиқаётганларида ҳам намозгоҳларида эканлар. У зот ташқарида ишларини битириб, қайтиб келсалар ҳам ўша жойда ўтириб, зикрда давом этаётган эканлар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳали ҳам шу намозгоҳингдамисан?» дедилар.

«Ҳа», дедилар Жувайрия онамиз зикрни муттасил давом эттираётганларини тасдиқлаб.

Ана шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр билан зикрнинг фарқи борлигини, Жувайрия онамизга ўхшаб баъзи бир зикрларни узоқ ва кўп такрорлагандан кўра бошқасини оз такрорлаб, кўп савоб олиш мумкинлигини баён қилдилар:

«Мен сендан кейин тўрт калимани уч марта айтдим. Агар сен айтган нарса билан тортилса, (ул) ортиқ келур», дедилар.

Яъни, мен олдингдан чиқиб кетганимдан буён ҳозиргача айтган зикрингнинг савоби тарозининг бир палласига, мен уч мартагина айтган тўрт калиманинг савоби бошқа палласига қўйилса, мен айтган зикрларимнинг савоби босиб кетади, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган калималарининг маъноси эса бундай эди:

«Аллоҳга махлуқотларининг ададича, Унинг Ўзи рози бўладиганча, Аршининг оғирлигича ва калималарининг ададича поклаш ва ҳамд бўлсин».

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Жувайрия онамизнинг намозгоҳда ўтирганларидан бу ҳадисда намоз ортида қилинадиган зикр тўғрисида гап бораётганлиги тушунилади.

2. Жувайрия онамизнинг зокира аёл эканликлари.

3. Зикр билан зикр орасида фарқ борлиги.

4. Зикрни устоздан ўрганиш яхши эканлиги.

5. Зикрни ўзича қилаётган одамда камчилик бўлса, биладиган одам тўғрилаб қўйиши зарурлиги.

6. Ривоятда келган зикрнинг ўта фазилатли ва савоби кўп эканлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида байъат қилсак, сизга, давоми...

5424 13:30 / 20.01.2021
Ислом арконлари 12тавсия Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Бир куни давоми...

14802 17:00 / 08.04.2016
. . . Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир хурсандчилик ишнинг хабари келса ёки у ҳақда давоми...

959 19:00 / 28 январь
. . Абу Кабша алАнморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу давоми...

6110 17:00 / 04.08.2021