Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ислом уммати бу зотни «Сиддиқ» деб билади | Ҳадис дарслари (334-дарс)

19:00 / 29.06.2025 1372 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي بَكْرٍ الصِّدِّيقِ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: عَلِّمْنِي دُعَاءً أَدْعُو بِهِ فِي صَلَاتِي، قَالَ: قُلِ اللَّهُمَّ إِنِّي ظَلَمْتُ نَفْسِي ظُلْمًا كَثِيرًا وَلَا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنْتَ، فَاغْفِرْ لِي مَغْفِرَةً مِنْ عِنْدِكَ، وَارْحَمْنِي إِنَّكَ أَنْتَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Менга дуо ўргатиб қўйинг, намозимда дуо қилурман», деганларида у зот:

«Аллоҳим, албатта, мен ўзимга ўзим кўп зулм қилдим. Гуноҳларни Сендан бошқа мағфират қилмас. Бас, мени Ўз ҳузурингдаги мағфират ила мағфират қилгин. Ва мени раҳмат қилгин. Албатта, Сенинг Ўзинг ўта мағфиратли ва ўта раҳм­дил зотсан», деб айт», деган эканлар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом оламида машҳур бўлиб, эркаклардан биринчи бўлиб Исломни қабул қилганлар. Ислом оламидаги халифаларнинг биринчиси ва жаннатга киришлари башорат берилган ўн нафар жаннатийларнинг ҳам биринчисидирлар.

Ислом уммати бу зотни Сиддиқ (ўта ростгўй) деб билади.

Исро кечасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Масжид ул-Ақсога бориб келдим», деганларида мушриклар, ҳатто баъзи бир мусулмонлар ҳам бу сўзга ишонмаган эдилар. Мушриклар Абу Бакрга келиб:

«Дўстинг шу кеча Масжидул Ақсога бориб келдим, деяпти. Шуни ҳам рост дерсан?» дейишди.

Шунда Абу Бакр:

«Мен унга бундан узоқроқ жой — осмондан ваҳий келишига ишондим-ку, бунга ишонмасмидим?!», деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен кимни Исломга чақирган бўлсам, ҳаммаларида бир тўхташ бўлди. Фақат Абу Бакрда бундай бўлмади. У мени ҳамма нарсада рост деди», деб марҳамат қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида қанчадан-қанча қабилалар муртад бўлишди. Ҳатто Умар ибн Хаттобдек улуғ саҳоба ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларини инкор этиб, қиличларини яланғочлаб, «Кимки Пайғамбар ўлди, деса, унинг ўзини ўлдираман», деб туриб олдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан чиққач, мусулмонларга қарата шундай хутба қилдилар:

«Кимки Аллоҳга ибодат қилса, У ўлмас, тирик Зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир расулдир. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтди. Агар Пайғамбар ўлса, Исломдан қайтиб кетасизларми? Кимки орқасига қайтиб кетса, Аллоҳга ҳеч бир нарсада зарар беролмас. Аллоҳ шукр қилган бандаларини тезда мукофотлар».

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 142 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижратнинг 13-йилида вафот қилганлар.

Бу ҳадисдан қандай дуо қилишни билганлардан сўраш яхшилигини ва гўзал бир дуонинг матнини ўрганмоқдамиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга давоми...

6233 18:30 / 23.03.2022
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум билан намоз давоми...

2407 19:00 / 19.02.2025
Гўзал хулқ ҳақида 15тавсия Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан оғирроқ давоми...

6330 17:04 / 08.01.2017
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари давоми...

4869 14:30 / 17.07.2019