Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (203-дарс) Ҳаром ўлган қўйнинг терисидан фойдаланса бўладими?

19:00 / 01.09.2022 4498 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَجَدَ شَاةً مَيْتَةً أُعْطِيَتْهَا مَوْلَاةٌ لِمَيْمُونَةَ مِنَ الصَّدَقَةِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: هَلَّا انْتَفَعْتُمْ بِجِلْدِهَا؟ قَالُوا: إِنَّهَا مَيْتَةٌ، فَقَالَ: إِنَّمَا حَرُمَ أَكْلُهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймунанинг озод қилган чўрисига садақадан берилган қўйнинг ўлигини кўрдилар ва: 
«Бунинг терисидан манфаатлансангиз-чи!» дедилар. Улар: 
«Бу ўлимтикдир», дейишди. 
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Уни ейиш ҳаром қилинди, холос», дедилар». 
Бешовлари ривоят қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қилаётган бу ривоятда зикр қилинган Маймуна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Маймуна бинти Ҳорис онамиздирлар. 
У кишининг бир озод қилган чўрилари бор эди. Ўша аёлга закотдан тушган қўйлардан бири берилган экан. Мазкур қўй ҳаром ўлиб қолибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ҳаром ўлган қўйнинг ётганини кўриб қолибдилар-да:
«Бунинг терисидан манфаатлансангиз-чи!» дебдилар. 
Яъни, манфаатланинглар, деганлар. Аммо қўй ҳаром ўлган эди. Ҳаром ўлган ҳайвон эса нажас ҳисобланади. Унинг териси ҳам нажас бўлиши керак. Нажас нарсадан қандай фойдаланиш мумкин? 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги сўзларни эшитган саҳобаларнинг хаёлидан шу фикрлар ўтган ва:
«Улар: «Бу ўлимтикдир», деганлар. 
Яъни, бу қўй ҳаром ўлган-ку, унинг терисидан қандай фойдаланиб бўлади, деганлар. Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Уни ейиш ҳаром қилинди, холос», дедилар». 
Яъни, ҳаром ўлган қўйнинг гўштини емоқ ҳаромдир, аммо унинг терисидан фойдаланса бўлаверади. Ҳаром ўлган ҳайвоннинг терисидан фойдаланиш қайси йўл билан ҳалол бўлиши кейинги ривоятлардан маълум бўлади.

وَعَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِذَا دُبِغَ الْإِهَابُ فَقَدْ طَهُرَ. وَفِي رِوَايَةٍ: أَيُّمَا إِهَابٍ دُبِغَ فَقَدْ طَهُرَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 
«У киши «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: 
«Ошланмаган тери ошланса, батаҳқиқ, пок бўлур», деганларини эшитганман», деганлар». 
Бошқа бир ривоятда: 
«Қайси бир ошланмаган тери ошланса, батаҳқиқ, пок бўлур», дейилган. 
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Демак, тери ошлаш билан пок бўлар экан. Ошлаб, пок қилиб олгандан кейин ундан турли мақсадларда фойдаланса, бўлаверади. Фақат одамнинг териси ва асли нажас бўлган чўчқанинг териси бундан истисно қилинган.


«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳайзли аёл ва жунуб Қуръондан ҳеч нарса ўқимайди,, давоми...

3582 19:00 / 25.10.2023
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан жорий садақадан, давоми...

4978 19:30 / 18.05.2022
. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мен бирортангизнинг супасида ёнбошлаб ётганида унга мен давоми...

5049 16:02 / 28.04.2021
. . Абу Ҳорун алАбдийдан ривоят қилинади .Абу Саъийднинг ҳузурига борсак .Марҳабо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари. давоми...

6934 18:00 / 06.04.2022