Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намознинг калити покликдир | Ҳадис дарслари (290-дарс)

19:00 / 10.07.2024 2575 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Поклик намознинг шартларидан эканлигини яхши биласиз. Усиз намоз бўлиши мумкин эмас. Бунда бадан, кийим ва макон поклиги кўзда тутилган.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ ، عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: لَا يَقْبَلُ اللهُ صَلَاةً بِغَيْرِ طُهُورٍ وَلَا صَدَقَةً مِنْ غُلُولٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ покликсиз намозни ва хиёнат (орқали топилган молдан) садақани қабул қилмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Мана шу ҳадисдан поклик намознинг қабул бўлиши учун энг биринчи шартлардан эканлиги маълум бўлмоқда.

Шу билан бирга, ҳаром аралашган молдан қилинган садақа ҳам қабул қилинмаслиги очиқ-ойдин айтилмоқда.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مِفْتَاحُ الصَّلَاةِ الطُّهُورُ، وَتَحْرِيمُهَا التَّكْبِيرُ، وَتَحْلِيلُهَا التَّسْلِيمُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Намознинг калити покликдир, унинг ҳаром қилиши такбирдир ва ҳалол қилиши саломдир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Ҳадиси шарифдан намозга тегишли учта муҳим ҳақиқатни ўрганамиз:

1. Поклик намознинг калити эканлиги.

Ҳеч бир нарсани калитсиз очиб бўлмаганидек, намозни ҳам калитсиз очиб бўлмайди. Намознинг калити поклик экан, намоз ўқувчи албатта, аввал баданини, кийимини, намоз ўқийдиган жойини поклаши керак. Агар шуни қилмаса, намоз ўқий олмайди. Ўқиса ҳам, намози қабул бўлмайди.

Бир кунда беш вақт фарз намози борлигини эътиборга олсак, мусулмон ҳамиша ҳамма тарафдан пок бўлиб юриши керак. Айни мана шу натижага бошқа тузум ва динлар эриша олмаган.

2. Намознинг ҳаром қилиши такбир билан бўлиши.

Яъни, киши намоз ўқишни ният қилиб, «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтиши билан ушбу такбир айтишдан олдин ҳалол бўлган ишлар намоз ўқувчига ҳаром бўлиб қолади. Намознинг ичида улардан ҳеч бирини қила олмайди.

3. Намознинг ҳалол қилиши салом билан бўлиши.

Яъни, намоз ичида қилиш ҳаром бўлган нарсалар намозхоннинг намоз охирида «Ассалому алайкум!» деб салом бериши билан яна ҳалол бўлади. Саломдан кейин уларнинг барчасини қилавериш мумкин.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир куни бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан давоми...

4465 05:00 / 06.03.2017
...Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Исломда кишиларни ирқи, миллати, яшаш жойи, тилига қараб ажратиш йўқ эди. Ҳамма ихлосига, эътиқодига, қилган давоми...

5932 16:52 / 08.04.2016
. Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир куни Бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

6264 14:20 / 21.04.2021
. Бани Абдул Ашҳаллик бир аёл деди.Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг масжидга борадиган йўлимиз сассиқ. Бас, ёмғирда қолсак, қандай қиламиз,..Ўшандан давоми...

3569 19:00 / 05.01.2023